“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва истеъмол маҳсулотларини сертификатлаштиришнинг муҳимлиги тўғрисида

Ушбу маълумотларни тайёрлашдан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат:

Истеъмол маҳсулотларини сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштириш, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни сифатли, инсон ҳаёти, соғлиги ва атроф-муҳит учун хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш;

Маҳсулотнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлилигини таъминлаш ва ички ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар учун тенг шароитлар яратиш;

Маҳаллий ва қўшма корхоналар, тадбиркорларга халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва халқаро савдода иштирок этишлари учун тенг шароитлар яратиш;

Истеъмолчилар манфаатларини ишлаб чиқарувчилар(сотувчилар, ижрочилар)нинг ножоиз ҳаракатларидан ҳимоя қилиш;

Маҳсулотни давлат тилида тамғалаш бўйича

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуни 6-моддасига мувофиқ ишлаб чиқарувчи(сотувчи, ижрочи) истеъмолчига сотилаётган(кўрсатилаётган) маҳсулот(иш, хизмат) тўғрисидаги зарур, ишончли ва тушунарли ахборотни ўз вақтида тақдим этиши керак

Бунда муаммо шундаки, маҳаллий истеъмолчилар (айниқса жойларда) кўпчилик ҳолларда хорижий тилларни билмайдилар. Маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни нотўғри талқин қилиш зарур истеъмол тавсифларига эга бўлмаган маҳсулот(иш, хизмат) харид қилиниши, олинган маҳсулот(иш, хизмат)ни белгиланган мақсадда фойдаланилмаслиги, истеъмолчининг ҳаёти, соғлиги ёки мулкига зарар етказилишига олиб келиши мумкин.   

У ёки бу қўшимчаларнинг қўлланиши(истеъмоли) ман қилинган кишилар гуруҳи, масалан, аллергиклар ҳамиша мавжуд бўлади.    

Маҳсулот тўғрисидаги ахборот туширилган ўзи елимланадиган ёрлиқлар маҳсулот республикага келтирилгандан кейин диллерлар томонидан ёпиштирилади ва ҳамиша ҳам ишончли ва ишлаб чиқарувчи ахбороти билан бир хил бўлмаслиги мумкин. Натижада ишлаб чиқарувчи давлат тилида туширилган ахборот учун масъулиятни зиммасига олмайди. 

Маҳсулотларнинг «Ҳалол», «Органик», «BIO», «ЭКО», «Экологик тоза маҳсулот», «ГМОсиз» ва бошқа шу каби ахборотлар билан тамғаланиши истеъмолчиларни ўзига жалб қилиши боис,  ишлаб чиқарувчилар тегишли талабларга мувофиқликни тасдиқлаш тадбирларини бажармасдан туриб ушбу ахборотларни туширадилар ва фойда оладилар.    

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ истеъмолчилар маҳсулотни харид қилишда унинг ишлаб чиқарувчиси, стандарти ва асосий истеъмол хусусиятларини билиш, озиқ-овқат маҳсулоти мисолида эса уларнинг таркиби, калорияси ва соғлик учун зарарли моддалар улуши ҳамда ушбу маҳсулотларнинг маълум касалликларда истеъмол қилиш ман қилинганлигини билиш ҳуқуқига эгадирлар. Вақт ўтиши билан истеъмол хусусиятлари ёмонлашадиган маҳсулотларда яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилиши керак.  

Сервис марказлари мавжудлиги бўйича

Аҳоли кундалик ҳаётда ҳар куни кўп сонли маиший электр ускуналари (фендан тортиб кондиционергача)дан фойдаланади.  Ушбу турдаги маҳсулотларга эҳтиёж катта, чунки улар аҳолининг вақтини тежаб, маълум ишларни бажаришда анчайин қулайликлар туғдиради. 

Шу билан бирга фойдаланиш жараёнида улар бузилиб туради ва ўз навбатида уларни таъмирлаш ва/ёки техник хизмат кўрсатиш масаласи кўндаланг бўлади!

Республикада маиший электр ускуналари ишлаб чиқариш ривожланмоқда. Artel билан бир қаторда Samsung, Roison, Shivaki Rocco (Қўқон шаҳрида), Vista, Konig ва бошқа русумлар мавжуд. Қашқадарё вилоятида S-Mart русумли телевизорлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.  

Истеъмолчи маиший тусдаги электр ускуналарини сотиб олар экан, ишончли сервис хизмати билан таъминланган бўлиши керак. (Нукус  ёки Хива шаҳрида телевизор ёки совуткич харид қилган истеъмолчи, улар бузилиб қолганда таъмирлаш учун Тошкентга келтириши зарур бўлади. Транспорт харажатларини қўшиб ҳисоблаганда, янгисини олиб қўйган маъқул бўлмайдими, деган   савол туғилади). 

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)нинг 1985 йилда тасдиқланган принципларига мувофиқ истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:   

Маҳсулот(хизмат)ларнинг хавфсизлиги ва ишлаб чиқарувчи(сотувчи) тақдимотига аниқ мос равишда ишлаши;

Маҳсулот(хизмат)ларнинг ўрнатилган “хизмат муддати”да сифатли бўлиши ва ушбу маҳсулотнинг ишчи ҳолатда сақланиш кафолати;

Аосий эҳтиёжларни қондириш, ҳозирги ва келажак авлодларнинг соғлом  ва муносиб ҳаётига хавф туғдирмайдиган соғлом атроф-муҳит кафолати.  

Электротехник ускуналар ишлаб чиқарувчи етакчи дунёвий русумлар   (Samsung, LG, Siemens, Bosch, Hitachi, Panasonic, Sony), истеъмолчи талабига мослашиб ва ўз русумини қадрлаган ҳолда аҳолини таъмирлаш(алмаштириш, техник хизмат кўрсатиш) бўйича сервис хизматлари билан таъминлаш борасида шароитлар яратадилар.

Ҳозирги кунда республикада Samsung, LG, Siemens, Bosch, Artel каби  русумларнинг электротехник ускуналарга техник хизмат кўрсатиш бўйича сервис марказлари ишлаб турибди.

Истеъмолда бўлган маҳсулот бўйича

Янги маҳсулотни сертификатлаштириш, маҳсулот тўпидан намуна танлаш орқали амалга оширилади. Маҳсулот тўпидан намуналар танлангандан сўнг синовлар ўтказилади. Синовларда ижобий натижалар олинганда маҳсулотнинг бутун тўпи белгиланган нормаларга  мувофиқлиги тасдиқланади, салбий атижалар олинганда маҳсулотнинг бутун тўпи яроқсиз деб топилади.  

Истеъмолда бўлган маҳсулотни эса тўпи бўйича бир хил баҳолаш мумкин эмас ва  уларнинг фойдаланиш ресурси ҳар хил бўлиб, улардан мақсадли фойдаланиш хавфсиз эмаслиги (шиналар – йўл қопламаси билан ёмон туташуви, ёқилғининг ортиқча сарфи, ички нуқсонлари; электротехник маҳсулотлар – ток уриши, оддий кўрикдан  ўтказишда аниқлаб бўлмайдиган ички нуқсонлари; газлама маҳсулотлари – хавфли кимёвий ёки биологик моддалар ёки касалликларнинг мавжудлиги ва бошқалар) оқибатида ҳар бир намунани синовдан ўтказиш зарур бўлади. 

Масалан газлама маҳсулоти(секонд-хенд) дўкон растасига тушишидан олдин дезинфекциядан ўтказилади. Ишлов заҳарли модда – оддийгина нафас олиш орқали ҳам организмга кириши мумкин бўлган формальдегид билан ўтказилади.  Секонд-хендда бироз муддат бўлишнинг ўзигина қандайдир сурункали касалликлар қўзғалиши, астма(дамқисма) пайдо бўлиши мумкин. Формальдегиднинг хавфи шундаки, у репродуктив тизим, генетик материал, марказий асаб тизимига салбий таъсир қилади, нафас олиш йўллари, тери қоплами ва кўзларни шикастлайди.  Бундан ташқари формальдегид саратон чақириши мумкин.  

Электротехника саноати маҳсулотлари, эҳтиёт қисмлар, шу жумладан шиналар ўзининг фойдаланиш ресурсларига эга бўлиб, узоқ муддат ишлатилганда атроф-муҳитга, инсон соғлиги ва мулкига салбий таъсир қилади. Қатор Африка мамлакатларида хавфсизлик нуқтаи-назаридан кийилган кийим-кечак ҳамда ишлатилган эҳтиёт қисмлар олиб киритилиши ман қилинган.   

Кўпчилик йирик автоишлаб чиқарувчилар янги моделларни лойиҳалаш чоғиданоқ уларнинг конструкциясига утилизация нормалари талабларини киритишади. Масалан, BMWда қарийб 95% материаллар қайта ишланади. Ёғ, антифриз, бензин қайта ишланади ёки компаниянинг иссиқлик электромаркази(ТЭЦ)га ёқилғи сифатида жўнатилади. Турларига қараб сараланган материал ва деталлар майдаланади ва прессланиб қайта эритилади, бўлакларга ажратилиши кўп вақт ва меҳнат талаб қиладиган майда пластик деталлар ёқилғига жўнатилади. Уларнинг Daimlerдаги ҳамкасблари такроран  қайта ишлатилиши мумкин бўлган барча деталларга махсус белги ва фойдаланиладиган хом ашё тури код рақамини тамғалашади.    

2019 йилда ХХРдан келтирилган 500 млн.сумлик шиналар яроқсиз деб топилган.

Сифатсиз маҳсулот бўйича

Республикага ўрнатилган нормалар талабларига номувофиқ бўлган сифатсиз ва қалбаки маҳсулотлар олиб кирилиш ҳолари учрамоқда. Фақатгина 2017-2018 йиллар мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан “Ўзстандарт” агентлигига 277 та, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига эса 3 мингдан ортиқ маҳсулот сифатига эътироз билдирилган мурожаатлар бўлган.

2018 йилда маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида дори воситаларидан ташқари 52,5 млрд. сўмлик хорижий маҳсулотларнинг техник регламентлар ва стандартларнинг мажбурий  талабларига номувофиқлиги аниқланган (уларнинг кўпчилиги ХХРда ишлаб чиқарилган электротехник ва машинасозлик маҳсулотлари, ХХР ва Россияда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар).

2018 йил бошида маҳсулотлари таркибида сальмонелла топилган француз концерни Lactalis атрофидаги можаролар билан боғлиқ ҳолда 83 та мамлакатда 12 млн.дан ортиқ  қути болалар аралашмаси чақириб олинди.  

2019 йилнинг 8 ойида импорт маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида 14 та турдаги 2,9 млрд. сўмлик маҳсулот ўрнатилган нормаларга номувофиқ эканлиги аниқланди.  

Консерваланган нўхат – 320 млн.сўм, нок шарбати – 147 млн.сўм, автомобиль шиналари – 500 млн.сўм (ҳаммаси ХХР), пальма ёғи – 692 млн.сўм (500 млн.-Қозоғистон ва 192 млн. Малайзия), кунгабоқар ёғи – 376 млн.сўм (Россия), газ баллонлар – 148 млн.сўм (Арманистон) ва бошқалар.

БССТ маълумотларига кўра ривожланган мамлакатларда  ҳар йили қарийб 30% аҳоли озиқ-овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ дардларга дучор бўлишади. АҚШда эса ҳар йили 76 миллион ҳолатда озиқ-овқат билан боғлиқ касалликлар рўйхатга олиниб, 325 минг ҳолатда касалхонага ётқизилишга, 5 минг ҳолатда ўлимга олиб келмоқда.   

Шуни таъкидлаш керакки, маҳсулотни сертификатлаштиришга амалда белгиланган 3 кунлик муддат импорт маҳсулотларни барча кўрсаткичлар бўйича тўлиқ синовлардан ўтказишга имкон бермайди.  

Баъзи турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари(гўшт консервалари, сут ва кондитер  маҳсулотлари)ни тўлақонли синовлардан ўтказиш учун 6 кун, қурилиш материаллари(цемент, ғишт, темир-бетон буюмлари, шағал) учун 30 кун, электротехника маҳсулот(аккумулятор, кабеллар)лари учун 25 кун, енгил саноат маҳсулотлари учун 9-13 кун зарур бўлади.    

2018 йилда савдо нуқталарида сотиладиган импорт ва маҳаллий болалар ўйинчоқлари, болалар пойафзали, қуюлтирилган сут, пишлоқ, колбасалар ва музқаймоқ намуналари ўтказилган тўлақонли синовлар давомида ўрнатилган талабларга номувофиқ эканлиги аниқланди.  

Маълумот учун: ўтказилган синовлар натижаларига кўра болалар ўйинчоқлари ва пойафзали формальдегид(0,031 mg/m3 – ўрнатилган нормадан 10 марта кўп) улуши бўйича  номувофиқлиги аниқланди. Пойафзал намуналари “тагчармининг маҳкамланиши пухталиги” ва “пойафзалнинг эгилувчанлиги” кўрсаткичи бўйича нормаларга мос келмади, пойафзалнинг таглиги синтетик материалдан тайёрланган бўлиб, ўрнатилган нормаларга мос келмайди ва тери ва ортопедик касалликларга олиб келади. Қуйилтирилган сутда қанд кристалларининг йўл қўйилган нормалари ошириб юборилган ва юқумли касалликлар чақирадиган ичак таёқчалари аниқланган.       

Колбаса маҳсулотларида крахмалнинг ошириб юборилганлиги ҳамда транс-мойлар ва думба ёғи ўрнига ишлатиладиган суньий ёғлар мавжудлиги аниқланган. 

2019 йилда болалар ўйинчоқлари(ХХРда ишлаб чиқарилган), сирка(Россияда ишлаб чиқарилган), томат кетчупи(Қирғизистонда ишлаб чиқарилган), «Боржоми» минерал суви(Грузияда ишлаб чиқарилган), товуқ сосискалари(Канадада ишлаб чиқарилган)нинг норматив ҳужжатларга номувофиқ эканлиги аниқланди.

Ҳиндистон, ХХР да ишлаб чиқарилган газлама маҳсулотларидан намуналар танланиб синовлар ўтказилди, уларнинг натижаларига кўра танланган намуналар мос равишда 1 ва 3 кўрсаткичлар бўйича номувофиқ эканлиги аниқланди.   

«Боржоми» минерал суви «минерализация (К, Na)»  ва «перманганат оксидланиши» кўрсаткичлари бўйича стандарт талабларига жавоб бермайди.

Қозоғистон Республикасидан келтирилган пальма ёғи икки кўрсаткич(никел улушининг 2 марта, трансмойларнинг 4,5 марта кўплиги) бўйича номувофиқ.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги УП-5817-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳузурида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил қилиниб, унга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда реклама бозорини тартибга солиш юклатилган бўлиб “Ўзстандарт” агентлиги ҳам ушбу агентлик билан ҳамкорлик қилади. 

Шунингдек,  “Ўзстандарт” агентлиги томонидан мамлакатимизга четдан импорт қилинаётган  маҳсулотларнинг сифатли бўлишини таъминлаш мақсадида маҳсулот мувофиқлигини божхона постига келгунига қадар баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.