ЗАРУР ТАВСИЯЛАР БЕРИЛДИ

“AGREGAT ZAVODI” АЖ мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги машиналари ишлаб чиқаришга  ихтисослашган йирик саноат корхонаси ҳисобланади. Ўз фаолиятини ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаган завод жамоаси, бугунги кунда йигирмага яқин турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариб, фермер ва деҳқонларимиз фаолиятини замон талаблари негизида механизациялаштиришга баҳоли қудрат ёрдам беришмоқда. Заводда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 4 та мамлакатга экспорт қилиниб, хорижда ҳам ўз харидорларини топмоқда.

Яқинда   департамент мутахассислари заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг соҳада амалда бўлган норматив ҳужжатлар, истеъмолчилар талабларига  мувофиқлигини ўрганиш мақсадида жамоага ташриф буюришди.

Заводда бугунги кунда ўрнатилган тартибда қабул қилинган норматив ҳужжатлар асосида 16 турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар сертификатланган бўлиб, ўз харидорига эга.

Департамент мутахассислари ўрганиш жараёнида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини доимий кафолатлаш учун синов лабораторияси ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлиши, ушбу лабораторияда ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган ўлчов воситаларини қиёслаш (калибрлаш) кўригидан ўтказиш бўйича зарурий тавсиялар беришди.  

Департамент мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йил 18 мартда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги техникаси конструкцияси хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламентнинг ишлаб чиқаришга жорий қилиниши зарурлигига эътибор қаратишди.

Ўрганиш давомида шунингдек баъзи қишлоқ хўжалиги техникалари стандартларида аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш мақсадида халқаро стандартларни жорий қилиш, тайёр маҳсулотни сақлаш учун алоҳида усти ёпиқ майдонча ажратиш зарурлиги тўғрисида ҳам тавсиялар берилди.