ДИҚҚАТ: СИФАТСИЗ МАҲСУЛОТ

Жаҳонда бир томондан глобаллашув жараёнлари кузатилаётган бўлса, иккинчи томондан ички бозор, миллий иқтисодиётни ҳимоя қилишга бўлган интилиш ҳам кучайиб бормоқда. Глобаллашув албатта рақобатни кучайтирар экан, ўз-ўзидан савол туғилади, бу майдонда ҳамма ҳам софдил, тоза фаолият юритаяптими?  Бозорга чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамиша ҳам инсон ҳаёти, атроф-муҳит хавфсизлиги талабларига жавоб берадими? Қуйида  ЕИ(Европа Иттифоқи)да истеъмол молларининг хавфсизлигини таъминлаш тизимлари тўғрисида ҳикоя қиламиз. Келгусида эса, Сиз азиз муштарийларимизни ушбу тизимларга киритилган хавфли маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотлар билан мунтазам таништириб бориш ниятимиз ҳам йўқ эмас. Шу мақсадда сайтимизда ДИҚҚАТ: СИФАТСИЗ МАҲСУЛОТ рукни очиб, дунё ва мамлакатимиз бозорларида аниқланган сифатсиз, хавфли маҳсулотлар  тўғрисида ахборотлар жойлаштириб бориш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз.

 Чунки бугунги глобаллашув, даврида, ватандошларимиз дунёнинг исталган мамлакатида бўлиши, у ерлардан оиласига, болаларига турли туман совға саломлар билан қайтиши табиий ҳол бўлган бир вақтда, ушбу тизимларга киритилган ахборотлардан хабардор бўлиши фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.          

ЕИда озиқ-овқат маҳсулотлари ва озуқалар хавфсизлиги RASFF тизими орқали назорат қилинади.

ЕИ  озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича жаҳонда энг юқори стандартларга эга ҳудуд саналади. RASFF – Озиқ-овқат маҳсулотлари ва озуқалар хавфсизлиги тўғрисида тезкор огоҳлантириш тизими – озуқавий занжирда жамият соғлиги учун хатар аниқланганда тезкор чора кўрилишини таъминлайдиган ахборот оқимининг асосий  бўғинидир.   

RASFF 1979 йилда ташкил этилган бўлиб, ЕИ аъзоларининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича миллий органлари ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлайди ва куну-тун давомида узлуксиз фаолият кўрсатади. Бунда ЕИ аъзо давлатларининг бирида сифатсиз ва хатарли маҳсулот аниқланса, тезкор равишда RASFFга жойлаштирилади ва бутун иттифоқ бозорларида унга қарши чоралар кўрилади ва натижада озиқ-овқат маҳсулотлари учун кўпгина хатарлар олди олиниб, европа истеъмолчилари ҳимоя қилинади.    

RASFF орқали алмашинадиган муҳим хабарлар маҳсулотларнинг бозордан чақириб олиниши ёки киритилмаслигига олиб келиши мумкин. Ўтган йиллар давомида шаклланган бу ишончли тизим ЕИ ва ҳамкор мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда ўзининг беқиёслигини кўрсатиб келмоқда.  

RASFFнинг йиллик ҳисоботлари унинг фаолияти тўғрисида батафсил маълумот беради. Ҳисоботда аъзо давлатлар маълумотлари таҳлил қилинади, умумлаштирилади ва озиқ-овқат турлари ҳамда аниқланган хатарлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилади.

 RASFFнинг йиллик ҳисоботлари, тезкор хабарлар, ўтмишда берилган ахборотлар унинг порталида жойлаштирилади. Портал истеъмолчилар учун очиқ бўлиб, ЕИ мамлакатларини озиқ-овқат маҳсулотлари туғдираётган хатарлар тўғрисидаги тезкор огоҳлантиради. Натижада барча аъзо мамлакатларда ушбу маҳсулот бозорлардан олинади ёки киритилмайди.   

Демак, RASFF озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш учун курашар экан, бошқа маҳсулотлар хавфсизлиги учун ҳам масъул борми?, — деган савол туғилиши табиий. Ҳа, бор.  Озиқ-овқат ва фармацевтика маҳсулотлари, кимёвий моддалардан ташқари барча истеъмол моллари хавфсизлиги RAPEX тизими орқали назорат қилинади.

RAPEX тизими хавфли маҳсулотлар тўғрисида тегишли органларга тезкор ахборот жўнатади. хавфли маҳсулот тўғрисидаги ахборот шунингдек Европа Иттифоқининг  махсус интернет портали (www.ec.europa.eu) га ҳам жойлаштирилади. Ҳафтанинг ҳар жума куни Еврора ҳайъати хавфли маҳсулотлар тўғрисида ҳафталик умумлашмаларни ҳам ушбу порталда эълон қилади. Бу маълумотлар миллий сифат назорати органлари, санитария хизматлари ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан тақдим этилади. Ушбу ҳисоботларда маҳсулот тўғрисида батафсил маълумот, унинг хатарлилик мезони ва кўрилган чоралар ўз аксини топади.

Агар маҳсулот хавфлилиги тан олинса, ваколатли миллий       орган ушбу хатарни истисно қилиш борасида мос қарор қабул қилади. Бунда ушбу маҳсулот савдодан олиниши, истеъмолчидан чақириб олиниши ёки матбуотда огоҳлантириш чоп этилиши мумкин. Миллий орган ушбу маҳсулот ва кўрилган чоралар тўғрисида ЕИга хабар беради. Ушбу чоралар хатарнинг олдини олиш мақсадида барча ЕИ  мамлакатларида ҳам қўлланилади.