Металл прокати сифати яхшиланади

Мамлакатимизда барча жабҳаларда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари кўлами металл маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларига замонавий ёндошувни талаб қилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ташкил этган идоралараро ишчи гуруҳлар томонидан қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ўрганилганда, маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш хавфсизлигига бевосита таъсир қилиши мумкин бўлган камчиликлар мавжудлиги, шу жумладан техник регламентлар йўқлиги, маҳсулот сифати синовлар орқали назорат қилинмаслиги, мувофиқлик сертификатисиз маҳсулот сотиш, даврий қиёсланмаган ўлчов воситаларидан фойдаланиш ҳоллари  мавжудлиги аниқланди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 17 февралда қабул қилинган 89-сон “Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқаришни тартибга солиш ва сифатли металл прокатини қўллаш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори  ушбу нуқтаи-назардан айни муддао бўлди.

Қарорда “сотилаётган ва ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган металл прокатининг ҳар бир тўпига ишлаб чиқарувчи(импорт қилувчи томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлик юзасидан синовларнинг ижобий натижалари асосида расмийлаштириладиган сифат тўғрисидаги ҳужжат илова қилиниши керак”лиги белгиланган бўлиб, соҳани тубдан янгилашга хизмат қилади.

 Қарорда юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф қилиш ва металл прокати ишлаб чиқаришни замонавий талаблар негизида ташкил этишни назарда тутадиган қатор вазифалар белгиланган бўлиб, шубҳасиз соҳани тезкор ривожлантиришга замин яратади.