Шарбатлар хавфсизлиги таъминланади

Серқуёш ўлкамизда етиштириладиган мева, сабзавотлар ўзининг сархиллиги, турли дармондориларга бойлиги билан ажралиб туради. Улардан ишлаб чиқариладиган хилма-хил шарбатлар довруғи ҳам узоқ-узоқларда маълум. Ушбу шарбатлар мамлакатимизнинг деярли ҳар бир ҳудудида ишлаб чиқарилади ва кўплаб хориж давлатларига экспорт қилинади. Уларнинг сифати ва хавфсизлигига умумий, жаҳон стандартлари билан уйғунлашган талабларни ўрнатиш мақсадида  ишлаб чиқилган “Мева ва сабзавотлардан олинган шарбат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент тасдиқланди.  Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йили 4 мартдаги 119–сонли қарори билан тасдиқланган ушбу техник регламент 18 ойдан кейин кучга киради.    

Техник регламент Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ТР ЕАЭС 023/2011 регламенти ва  БМТнинг CODEX STAN 247-2005  стандарти ҳамда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган тегишли норматив хужжатлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, шарбатлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган барча талабларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари техник регламентда мева ва сабзавотлардан олинадиган шарбат маҳсулотларининг таснифи, шарбатга қўшилиши мумкин бўлган ингредиентлар нормалари ҳам киритилган.

Техник регламент мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг халқаро нормаларга мувофиқ бўлиши ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.