Қизғин баҳсларда ўтди

Маълумки ташкил этилганлигига эндигина бир йил бўлаётган Департамент жамоаси асосан ёш мутахассислардан шакллантирилган. Шу боис департаментда ҳар ҳафта адоғида техник ўқувлар ўтказиш анъанага айланган. Бу ўқувларда мамлакатимизда янги қабул қилинаётган соҳага тегишли норматив ҳужжатлар, ўзлаштирилаётган синов услублари, ўлчов воситаларини қиёслаш каби мавзулар интерфаол тарзда ўрганилади, муҳокама қилинади, малакаали мутахассисларнинг иш тажрибалари ва услублари оммалаштирилади.

Техник ўқувнинг жорий ҳафтадаги мавзуси тадбиркорлик субьектларига техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида кўмаклашиш, уларда қонунбузилишига қарши профилактика тадбирлари ҳамда текширишларни ўтказиш тартибига бағишланиб,  ўқув семинар шаклида ўтказилди. Семинарга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-омбудсмен) девони масъул ходими М.Миралиев таклиф қилинди.

Семинарда тажрибали мутахассислар Н.Ўразқулов, Ф.Ҳакимова, Ж.Ҳабибуллаевлар тадбиркорларга кўмаклашиш, давлат назоратини ташкил этиш, маъмурий жавобгарликка тортиш амалиёти каби мавзуларда маъруза қилишган бўлса, Бизнес-омбудсмен девони масъул ходими М.Миралиев  текширишларни ўтказиш тартибига атрофлича тўхталди.

Семинарда  реал ҳаётда учраётган вазиятлар ва бунда департамент мутахассисларининг амалга ошириши лозим бўлган тадбирлар кўргазмали қуроллар ёрдамида реконструкция қилинган ҳолда кўрсатилди ва зарур тушунчалар берилди.

Департаментнинг ҳудудий мутахассислари ҳам селектор орқали иштирок этишганлиги, ёш мутахассисларнинг қизғин баҳс-мунозалари семинарга ўзгача руҳ бағишлади.