Серёғлилик сифат кўрсаткичими?

Ёғ-мой маҳсулотлари асосий кундалик эҳтиёж маҳсулотларидан бўлиб, дастурхонимиз тўкинчилиги унсурларидан бири ҳисобланади.  Шундай экан, уларнинг сифати муҳим аҳамиятга эга.  Республикамизда ҳозирда 240 дан ортиқ ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг асосий хом ашёси пахта чигити ҳисобланиб, йилига ўртача 1,2 миллион тонна техник пахта чигити қайта ишланиб, 200 минг тонна атрофида пахта мойи ишлаб чиқарилади.  Бундан ташқари, йилига ўрта ҳисобда 200-250 минг тонна соя ва кунгабоқар донлари импорт қилиниб, 80 минг тонна атрофида ўсимлик мойи аҳоли истеъмоли учун етказиб берилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган ёғ-мой маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга ошиб боришига қарамасдан, аҳоли сони ва саноат эҳтиёжларининг ўсиши натижасида ўсимлик мойларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда ва шу боис йилига 150-180 минг тонна тайёр ўсимлик мойи импорт қилинмоқда.

Қуйида халқимиз томонидан севиб истеъмол қилинадиган асосий ёғлар тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Халқимиз томонидан оқмой деб юритиладиган пахта ёғи таркибида турли фойдали элементлар – В, Е, РР витаминлари, Омега 3 ва Омега 6 тўйинмаган ёғлари, кўп миқдорда миристин, пальмитин, стеарин, арахин, олеаин ва бошқа кислоталарнинг мавжудлиги билан бошқа ёғлардан устун туради. Пахта ёғи юқори калорияли бўлиб, 100 грамм маҳсулотда 884 калория мавжуд.

Пахта ёғи инсон организми учун фойдали бўлган моддалар билан тўйинганлиги боис, қатор касалликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Пахта ёғи, иммунитетга ижобий таъсир қилади, асаб тизимини мустаҳкамлайди, организмни ёшартиради, холестерин даражасини пасайтиради, юрак тўқималари ва томирларининг эластиклигини оширади ва ҳоказо.

Шу билан бирга чигитдан пахта ёғи олиниши жараёнида маълум даражада ёғ атомидаги водороднинг молекула занжирида қарама-қарши томонга кўчиб ўтиши оқибатида трансёғлар вужудга келиши, уларнинг эриш даражаси инсон организми ҳарорати(36,6о)дан юқори(45о)лиги туфайли уни кўп истеъмол қилиш зарарли эканлиги тўғрисида ҳам тадқиқотлар мавжуд.

Оқмой сифатининг яна бир, оддий кўз билан аниқланадиган  жиҳати унинг ранги ҳисобланади. Пахта ёғи ишлаб чиқарилиши жараёнида таркибидаги госсипол моддасидан тозаланиши зарур. Госсипол ўзининг мавжудлигини ёғга жигарранг-қорамтир ранг бериб намоён қилади. Тозаланган оқмой сарғимтир оч қизғиш бўлиши керак.  Госсипол олифа ва солидол ишлаб чиқаришда хом ашё ҳисобланади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда кунгабоқар ёғи ҳам оммалашиб бормоқда. Кунгабоқар ёғи  таркибида қатор тўйинмаган кислоталар, А, Е, ва Д витаминларининг мавжудлиги унинг фойдали хусусиятларини белгилайди. Тўйинмаган кислоталар организмда асаб толалари вужудга келишида фаол иштирок этади, организмдан ёмон холестеринларни чиқаришда иштирок этади, инфарк, атеросклероз ва бошқа юрак-томир касалликлари олдини олиш воситаси сифатида кўрилади.

Кунгабоқар ёғининг зарари уни қиздиришда ҳосил бўладиган хавфли канцероген моддаларда намоён бўлади. Канцероген моддалар таомларни қовуриш жараёнида вужудга келади ва саратон каби хавфли дардлар билан оғришга олиб келиши мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёғни қайта қиздиришда канцероген моддалар бир неча баробар кўп миқдорда ҳосил бўлиши аниқланган. Шу боис ёғ қиздирган товангизни ҳар сафар тозалаб ювиш тавсия қилинади.

Мамлакатимизга сўнгги йилларда катта миқдорларда импорт қилинаётган ўсимлик ёғларидан яна бири бу – пальма ёғидир. Пальма ёғи биз учун қайсидир маънода янгилик бўлсада, инсоният томонидан ишлаб чиқаришга қўйилган энг қадимий ёғ ҳисобланади. Илк бор пальма ёғи ғарбий Африка аҳолиси томонидан 5 минг йилча бурун ишлаб чиқарилган бўлсада, тез орада қадимги Мисрда ҳам оммалашиб кетди. 18 аср бошларида пальма ёғи европага келтирилиб, аҳолига таъми, фойдали хусусиятлари, энг муҳими нисбатан арзонлиги билан манзур бўлди. Ҳозирда пальма ёғи дунёда энг оммалашган ёғ ҳисобланиб, асосан Малайзия ва Индонезияда тайёрланиб, бутун жаҳон бўйлаб экспорт қилинади.

Пальма ёғи таркибида каротиноидлар, фосфолипидлар, Е, Д ва К витаминлари ҳамда магний, фосфор каби бошқа фойдали минерал моддаларнинг мавжудлиги унинг фойдалилик хусусиятларини белгилайди.

Пальма ёғи ошқозон-ичак тизими фаолиятини яхшилайди, жигарда ёғ тўпланишига қаршилик қилади, ошқозон ва ичаклардаги яралар битишига кўмаклашади.

Пальма ёғи бугунги кунда пишириқлар, кондитер маҳсулотлари тайёрлашда, таркибида сариёғ ишлатиладиган ёки бўлиши шарт бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари(қуюлтирилган сут, қаймоқ ва ҳатто сузма ва б.)да кенг ишлатилмоқда.

Пальма ёғини хомиладор, ёш болали, аллергияга берилувчан кишилар эҳтиёт бўлиб истеъмол қилишлари зарур. Бу ёғнинг асосий зарари  таркибида тўйинган ёғларнинг кўп бўлишидадир. Қатор олимлар пальма ёғини кўп миқдорда истеъмол қилиш юрак-томир касалликларини келтириб чиқаради, деб ҳисоблашади. Шунингдек, пальма ёғи  қийин эрувчанлиги сабабли, организмдан чиқарилиши қийин кечади ва ичак, томирларда қолиб кетиши мумкин. Бунинг устига бу ёғ канцероген ҳисобланиб, саратон чақириш хавфига ҳам эга, дейишади баъзи тадқиқотчилар.

Биз эса, азиз муштарий, яна ўша ўзимиз ёқтирган жумламизга қайтамиз. Меъёр. Ушбу ёғларнинг барчасини белгиланган меъёрларга риоя қилган ҳолда истеъмол қилсангиз, албатта фақатгина фойдали хусусиятларидан баҳраманд бўласиз.

Ҳа, айтгандай, мамлакатимизда амалда бўлган “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, “Ёғ-мой маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида” умумий техник регламент қабул қилинган.

Ушбу техник регламентда ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёни, тамғаланиши, ташилиши ва сақланишига жами 33 хил турдаги хавфсизлик меъёрлари белгиланган бўлиб, улар орасида турли муҳокамага сабабчи бўлаётган кўрсатгичлардан бири бу – ёғ-мой маҳсулотлари таркибидаги “Мой кислоталарининг транс изомерлари” ҳисобланади.

Техник регламентда ўсимлик мойлари, ҳайвон ёғлари, балиқ ёғларини қайта ишлашда ҳосил бўлган маргаринлар, махсус ёғлар, қандолат ёғлари, нонвойчилик ёғлари, бундан ташқари сут ёғини ўрнини босувчилар, какао мойи эквивалентлари ёғ-мой маҳсулотлари учун “Мой кислоталарининг транс изомерлари” хавфсизлик нормалари белгиланган бўлиб, ички бозорда ушбу нормаларга жавоб бермайдиган маҳсулотлар сотилишига йўл қўйилмайди. 

 “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Департамент мутахассислари томонидан юртимизда сотилаётган ёғ-мой маҳсулотларининг амалдаги   норматив хужжатларга мувофиқлиги ўрганиб борилади. Ўтган йил адоғида ўтказилган худди шундай ўрганишлардан бирида Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган, ёғдорлиги 72 фоиз бўлган қаймоқ таьмли “Шедрое лето” ва ёғдорлиги 60 фоиз, қаймоқ таьмли “Саратовский”  маргаринлари Республика синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси қошидаги “Кимё-биология” синов лабораториясида таҳлил қилинди.

Таҳлил натижасида “Саратовский”  маргаринининг белгиланган нормаларга мувофиқлиги тасдиқданган бўлса, “Шедрое лето” эса ёғнинг эриш ҳарорати ва транизомерларнинг массавий улуши кўрсаткичлари бўйича амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.   

 Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, азиз муштарийларимиз ҳам бозор ва дўконлардаги ҳар бир харидидан олдин албатта, ушбу маҳсулот учун мувофиқлик сертификатини талаб қилишлари жамоатчилик назоратини кучайтириш билан бирга, ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган маҳсулотларнинг тоза ва сифатли бўлишига хизмат қилади.

Полвон Шарипов, бош мутахассис