Сифат саломатлик гарови

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг иш режасига биноан 2020 йил 19-21-май кунлари “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг деҳқон бозорларида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ  фаолиятига Департамент мутахассислари ҳам жалб қилинди.

Мутахассисларимиз  пойтахт ва Самарқанд шаҳридаги қатор деҳқон бозорларида бўлишиб, вазият билан танишганида қуйидагилар маълум бўлди.

Ўрганилган барча бозорларда мавжуд электрон ўлчов тарозилари давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги ёки қиёслов муддати ўтиб кетганлиги, тадбиркорлар томонидан ҳам қиёслов кўригидан ўтказилмаган тарозилардан фойдаланилиши, бозорларда назорат тарозилари мавжуд эмаслиги аниқланди. Бу ҳақда бозорлар маъмуриятига тегишли огоҳлантиришлар берилди.

Бозорлар ҳудудида жойлашган савдо дўконларида танлов асосида ўрганишлар ўтказилганда мувофиқлик сертификатлари мавжуд бўлмаган, яроқлилик муддати ўтиб кетган ёки ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган маҳсулотлар сотилишига йўл қўйилаётганлиги маълум бўлди.

Масалан, пойтахтнинг“Қўйлиқ деҳқон бозори” АЖда ўтказилган ўрганишда қуйидагилар аниқланди.       

 “Нуритдинов Равшан бизнес савдо” МЧЖ савдо дўконида сотилаётган “ELIT GOLDEN GENERATION” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Хам Хам” ширин маккажўхори қаламчалари ҳамда

  “MUHARRAM TRADING” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “MEGA” кунгабоқар пистаси яроқлилик муддати тугаганлиги аниқланди.

Ёки “Халол савдо ЛТД” МЧЖ савдо дўконида   “ASIA LEADER” ХК томонидан ишлаб чиқарилиб, 2 турда қадоқланган “Индейка”, “Янгилик” гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган ҳолда савдога қўйилганлиги маълум бўлди.

Худди шундай камчиликлар Самарқанддаги “Сиёб деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида фаолият кўрсатаётган савдо дўконларида ҳам аниқланди. Масалан “SHAXRAM SHOXNUR GROUP” МЧЖ савдо дўконида сотилаётган маҳсулотларнинг мувофиқлик сертификатлари мавжуд эмаслиги, “FAVORIT” номли “Шампиньоны маринованные” маҳсулоти яроқлилик муддати ўтиб кетганлиги, қадоғи ичидаги махсулот моғорлаганлиги аниқланди.

“СМОЛЯНОЧКА” номли  “Сгущенка с сахаром” импорт махсулоти  сақлаш шароитларига амал қилмаган ҳолда иссиқ шароитда сақланганлиги ва натижада яроқлилик муддати ўтиб кетган бўлсада реализация қилинаётганлиги аниқланди.

“CHAMANDA GUL” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ёғлилиги 62% ли “BARAKA” маргарин маҳсулоти қадоғидаги ёрлиғида сақлаш шароити 90 кун кўрсатилган, лекин маҳсулот  ишлаб чиқарилган санаси мавжуд эмас.

Худди шундай камчиликларни  бошқа бозорлардан ҳам келтириш мумкин.

Мутахассисларимиз томонидан ўтказилган ўрганишлар тўғрисидаги маълумотномалар Олий Мажлис Сенати қўмитасига тақдим этилди ва аниқланган камчиликлар юзасидан масъулларга белгиланган тартибда огоҳлантириш хатлари берилди.

Муштарийларимиздан эса дўконлардан маҳсулот харид қилишларида албатта мувофиқлик сертификати мавжулиги, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати билан қизиқишларини сўраб қоламиз.