Сифатсиз маҳсулотлар сотилмоқда

Биз азиз муштарийларимиз эътиборига ушбу саҳифамиз(“ДИҚҚАТ! СИФАТСИЗ МАҲСУЛОТ”) орқали илгари ҳавола этган маълумотларимизда хорижда ишлаб чиқарилган ва мамлакатимиз бозорларида учратиш эҳтимоли бўлган сифатсиз маҳсулотлар билан таништирган эдик. Эндиликда саҳифамизга худди шундай, бироқ мамлакат ичкарисида ишлаб чиқарилган сифатсиз маҳсулотлар ҳақида ҳам  маълумотлар жойлаштиришга қарор қилдик. Чунки, истеъмолчиларнинг хавфсиз ва сифатли маҳсулотларга бўлган ҳуқуқининг кафолатланиши устивор вазифаларимиздандир.

Мамлакатимиз озиқ-овкат  маҳсулотлари билан савдо қилувчи бозор ва савдо дўконларида  “Navoi Almaz” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган,  биринчи даража майдаланишдаги, 1 кг полиэтилен пакетларга қадоқланган 1-навли йодланган ош тузи сотилмоқда. Ушбу маҳсулот  “OZ DST 1091:2017 “Йодланган ош тузи” ТШ” давлат стандарти 4.2.2 – банди талабига жавоб бермайди, яъни ош тузи таркибидаги йод миқдори белгиланган нормадан кам. Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Йод етишмаслиги касалликлари профлактикаси тўғрисида” ги Қонун талабларига ҳам зид бўлиб, ош тузининг таркибидаги йод миқдори қатъий таъминланиши лозим. 

Ҳурматли муштарийларимиздан эса дўконлардан ош тузи харид қилишда албатта маҳсулот сифатини тасдиқловчи мувофиқлик сертификатини талаб қилишингиз ҳамда махсулотнинг ёрлиғига эътибор қаратишингизни сўраб қоламиз.

Қуйида ушбу маҳсулот тўғрисидаги батафсил маълумотлар белгиланган тартибда келтирилмоқда.

 Маҳсулот номи:  1-навли йодланган ош тузи

Маҳсулот тоифаси: озиқ-овқат 

Хавф даражаси: ўртача хавфли

Сақлаш шароити 0С: кўрсатилмаган.

Ишлаб чиқарилган санаси: 2019 йил декабрь

Ишлаб чиқарилган мамлакат: Ўзбекистон.

Яроқлилик муддати: 1 йил

Яроқсизлиги аниқланган кун: 2020 йил 15 май

Маҳсулот харид қилинган жой: Навоий шаҳри  “Жозибали Маскан” МЧЖ “Гули” супермаркети

Маҳсулот хавфи: йодланган ош тузи таркибида йод миқдори белгиланган нормадан кам.

Алкоголь маҳсулотлари савдо дўконларида “URGANCH SHAROB” АЖ томонидан ишлаб чикарилган, 0.5 л. шиша идишларга қадоқланган “OROM” портвейн виносини учратишингиз мумкин. Ушбу маҳсулотда бегона қўшимчалар мавжудлиги ва этил спирт миқдори UzTR 71-012:2017 умумий техник регламенти талабларига номувофиқлиги аниқланди. 

Ушбу маҳсулот Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонуни ва “Алкоголь маҳсулотлар хавфсизлиги” Умумий техник регламенти талабларига зид равишда сотилмоқда.

Қуйида маҳсулот тўғрисидаги батафсил маълумотлар билан танишишингиз мумкин.

Маҳсулот номи: Портвейн “OROM”

Маҳсулот тоифаси: озиқ-овқат

Хавф даражаси: ўртача хавфли

Сақлаш шароити 0С: +5 дан + 20 °С гача, намлик 85%

Ишлаб чиқарилган санаси: 2019 йил 13 декабрь

Ишлаб чиқарилган мамлакат: Ўзбекистон.

Яроқлилик муддати: 8 ой

Яроқсизлиги аниқланган кун: 2020 й. 04.06.

Маҳсулот харид қилинган жой: Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан корхоналарга тегишли кўрсатмалар берилди.