Нуқсонлари бартараф қилинди

Департамент мутахассислари томонидан мамлакатимиз бозор ва дўконларида сифатсиз ва норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар  олиб борилмоқда. Жорий йил июль ойида Департаментнинг Навоий вилоятидаги мутахассислари ўтказган ўрганишлар давомида Навоий шаҳрида жойлашган “SOFT MILK” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган, мойлилиги 1% бўлган, 0.5литрли полиэтилен идишларга қадоқланган қатиқ маҳсулотининг ёрлиқланиши UzTR.474-020:2017 “Сут ва сут маҳсулотларининг хафсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентнинг 44-банди талабларига жавоб бермаслиги аниқланди, яъни маҳсулотнинг ишлаб чиқарилган санаси ҳамда техник регламентининг белгиланиши қўрсатилмаган. Бу билан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  Қонуни ҳамда UZTR.490-022:2017 “Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисида“ги  умумий техник регламентнинг 8 ва 9-бандлари талаблари бузилган.

Худди шундай камчиликлар Навоий шаҳрида “Экстра гипстехнология” МЧЖ  ҳамда Кармана туманида “KARMANACRYSTALSALT” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган олий  навли йодланган ош тузлари ёрлиқланишида ҳам аниқланди.  Ушбу ҳолатлар бўйича ишлаб чиқарувчи корхоналарга зарур кўрсатмалар берилиб, маҳсулотларнинг тегишли норматив ҳужжатларга мувофиқ равишда ишлаб чиқарилиши таъминланди.