Болалар ўйинчоқлари хавфсизлиги таъминланади

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг ярмисидан кўпини вояга етмаганлар, яъни болалар ташкил қилишади. Уларни катта қилиш, юртимизнинг муносиб  фарзандлари этиб тарбиялашда албатта ўйинчоқлар алоҳида аҳамият касб этади. Чунки ёш боланинг руҳий, ақлий ва жисмоний соғлом шаклланишида ўйинчоқларнинг ўрни беқиёс. Шу боис ота-оналаримиз ҳам ўз болаларининг ҳар томонлама етук ва соғлом ўсишларига кўмак берувчи турли туман ўйинчоқлар харид қилишга ҳаракат қилишади. Бозор ва дўконларимиз ҳам ушбу талабларга мос маҳсулотлар билан тўлган.

Бироқ, уларнинг ҳаммаси ҳам рисоладагидекми, болажонларимизнинг саломатлигига хавф туғдирмайдими?   Юқорида таъкидлаганимиздек, бугунги кунда ўйинчоқларнинг тури, шакли-шамойили турли, уларга ишлатиладиган  хом ашёларларнинг сони ва саноғи турфа хил бўлса…

Албатта, уларнинг сифати ва хавфсизлиги назорат қилинади, бу борада тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб турибди. Бироқ, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан алоқалари кенгаяётганлиги, савдо-иқтисодий алоқаларимиз географияси ва кўлами ўсиб бораётганлиги, маҳсулотлар йилдан йилга янги ва янги хом ашёлардан тайёланаётганлиги боис, бу борада ҳам халқаро уйғунлаштирилган, ўйинчоқларнинг хавфсизлиги ва сифати назоратини тўлиқ таъминлайдиган норматив ҳужжат қабул қилинишини тақозо қилмоқда.

   Шу боис жорий йил 23 июлда Вазирлар Маҳкамасининг  “Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисидаги  умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги 451-сон қарори қабул қилинди. Техник регламент   болалар ўйинчоқларини хавфсиз ишлаб чиқариш ҳамда сотиш талабларини белгилайди, ўйинчоқлардан фойдаланиш ва уларнинг хавфсизлиги хусусида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади. 
        “Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент ёнғин хавфсизлиги, кимёвий хавфсизлик, токсикологик-гигиеник хавфсизлик, электр, радиацион, микробиологик хавфсизлик, тамғалашга ва қадоқлашга оид хавфсизлик ва бошқа талабларни ўз ичига олган. Умумий техник регламент эълон қилинган  кундан 12 ой ўтгандан кейин амалга киритилади.