ДАВЛАТ СТАНДАРТЛАРИ АМАЛГА КИРИТИЛДИ

Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Департамент мутахассислари томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва қўшимча қулайликлар яратиш  мақсадида бир турдаги маҳсулотларга ягона талабларни белгиловчи 12 та давлат стандартлари ишлаб чиқилди. Ушбу стандартлар, талаблари турлича бўлган  322 та ташкилот стандартлари ўрнига ишлаб чиқилган бўлиб, тадбиркорларимизга бепул берилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тадбиркорларимиз эндиликда ушбу маҳсулотлар учун янгидан ташкилотнинг стандарти ишлаб чиқишга маблағ ва вақт сарфлаш ташвишидан озод  бўлиш билан бирга, ушбу стандартлар халқаро меъёрлар билан уйғунлаштирилганлиги туфайли ўз маҳсулотини экспортга йўналтириш имконига ҳам эга бўлишади. Масалан,  қуритилган мевалар ва ёнғоқлар тўпламини  қадоқлашни  ихтиёр қилган ҳар бир тадбиркор алоҳида ташкилот стандарти (Ts)  ишлаб чиқиши ва ушбу стандартнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг янгилаб туриши шарт эди. Эндиликда ушбу маҳсулот ишлаб чиқарадиган 29 нафар тадбиркор ва ушбу фаолият билан келгусида шуғулланадиган ишбилармонлар учун ягона, халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган Oʻz DSt3470:2020  “Қуритилган мевалар ва ёнғоқлар тўплами. Қадоқлаш, тамғалаш, транспортда ташиш ва сақлаш”  Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти ишлаб чиқилди ва амалга киритилди. Шунингдек тадбиркорлар томонидан кўплаб ишлаб чиқариладиган  ширин  плиткалар  (25 та Ts ўрнига), ойна ювиш учун восита (90 та Ts ўрнига), иккиламчи полимер гранулалар (10 та Ts ўрнига), полиэтилентерефталатдан преформалар (41 та Ts ўрнига) ишлаб чиқарувчилар  учун  ҳам  янги  давлат  стандартлари ишлаб чиқилди ва амалга киритилди.