СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ ИДОРАЛАРИГА КЎРСАТМАЛАР БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги “Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қурилиш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4718-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, аҳолининг замонавий уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида  импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари божхона тўловларидан озод этилиши белгиланган бўлиб, “Ўзстандарт” агентлигига импорт қилинадиган техника ва транспорт воситаларини сифат, истеъмолчилар соғлиги ва ҳаёти ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиши хавфи нуқтаи-назаридан белгиланган талабларга мувофиқлиги бўйича ўтказиладиган синовлар устидан тегишли назоратни таъминлаш юклатилган. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Департаментнинг мутахассислари қатор  сертификатлаштириш идоралари (“UzTest” ДУК, “MEGA TEST GROUP” МЧЖ қошидаги СИ, “VECTOR GRAPHICS” МЧЖ қошидаги СИ, “AUTOSERT” МЧЖ қошидаги СИ, “NIPO STANDART” МЧЖ қошидаги СИ, “PЕRSONA GRATA” МЧЖ қошидаги СИ) томонидан импорт қилинаётган махсус техника воситаларига расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатлари  ўрганилди.

Ўрганишларда мувофиқлик сертификатлари айрим ҳолларда тегишли кўрсаткичлар тўлиқ текширилмасдан расмийлаштирилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунларнинг қатор моддалари ва амалдаги “Маҳсулотларни сертификатлаштириш қоидалари”нинг талаблари бузилишига сабаб бўлмоқда.

Камчиликларга йўл қўйган сертификатлаштириш идораларига қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширилган ишлар юзасидан 10 кун ичида Департаментга маълумот киритиш  тўғрисида кўрсатмалар берилди.

Шунингдек белгиланган меъёрлар бузилишига йўл қўйган сертификатлаштириш идоралари тўғрисида “Аккредитация маркази” ДУКга маълумот киритилди.