ЁШЛАРИМИЗНИНГ ЎЗ ЎРНИ БОР

Ёшлар ҳар қандай жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучи, келажаги, истиқболи каби сўзлар тагида улкан маъно яширинган. Жамият ўз ёшлари тарбиясига, мафкураю-маънавиятига эътиборсиз бўлса, яқин келажакда ҳар томонлама инқирозга учрашига тарих такрор ва такрор гувоҳлик берган.

Шу боис мамлакат раҳбарияти ёшларимиз тарбияси, соғлом бўлиб ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишларни  амалга оширмоқда. Фақатгина сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та фармони, 4 та қарори ва 1 та фармойиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори ва 3 та фармойиши қабул қилиниши ёшлар сиёсати соҳасидаги ислоҳотларнинг тизимли, босқичма-босқич амалга оширилаётганлигидан далолат беради. Бу албатта бежизга эмас. Мамлакатимизда 34 млн. нафардан ортиқ аҳолининг 18 млн.га яқини (60%) ёшлар ҳисобига тўғри келади, ўсиш кўрсаткичлари эса йилига 500 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда.   

Ушбу шароитда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, уларни касбга йўналтириш ва иш билан таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш ва мавжуд салоҳиятини амалга оширишга муносиб шароитлар яратиш билан боғлиқ қатор масалалар долзарб бўлиб қолмоқда.  

“Ўзстандарт” агентлиги, хусусан агентлик ҳузуридаги Департаментда ҳам ёшлар билан ишлаш алоҳида эътибор қаратилмоқда. Департаментда ёшлар жамоанинг қарийб 60 фоизини ташкил қилади. Шу боис уларни тарбиялаш, малакаларини ошириб бориш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишга жалб қилиш мақсадида алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унда ёшларни тажрибали мутахассисларга бириктириш кўзда тутиладиган “устоз-шогирд” анъанаси, масъулиятли, билимга чанқоқ ёшларни рағбатлантиришга қаратилган юқорироқ лавозимга тавсия этиш амалиёти каби қатор бандлар кўзда тутилган. Департамент ташкил этилгандан кейинги қисқа вақт давомида олти нафар ёшлар бўш турган юқори лавозимларга тайинланишди. 

Шунингдек, Департаментда ёшлар малакасини ошириш, уларда мамлакатимизда, агентлик тизимида, қолаверса Департаментда олиб борилаётган ишларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш учун  ҳар икки ҳафтада техник ўқувлар ўтказилади. Бу ўқувларда тажрибали мутахассислар билан биргаликда ёшлар вакиллари ҳам мамлакатимиз ҳаётига дахлдор долзарб масалалар, янги қабул қилинаётган қонун ва бошқа норматив ҳужжатлар, халқаро ҳаёт янгиликлари бўйича маърузалар тайёрлашиб, иштирок этишади. Ўқувлар албатта қизғин муҳокамалар, муқобил тайёрланган фикр-мулоҳазалар билан ўтади.

Ёшларнинг малакасини мунтазам ошириб боришга ҳам алоҳида эътибор берилади. Ўтган давр мобайнида 7 нафар мутахассис агентлик қошидаги Стандартлар институтида ўз малакасини оширишган бўлса, 2 нафар мутахассис хорижда – Хитой халқ республикасида малака ошириб қайтишди.

Департамент ёшларининг сардори этиб сайланган М.Эргашев ташаббуси билан жамоада соғлом муҳит шаклланишига ёрдам бериш, ёшларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, қолаверса қадимий ватанимиз тарихига қизиқиш ва ифтихор туйғуларини уйғотиш   мақсадида Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди, Департамент  ҳудудига теннис корти ўрнатилиб, совринли мусобақалар ташкил қилинди. Ёшлар ташкилотининг  Бухоро саёҳати, бўш вақтларини кўнгилли ўтказиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида спорт тўгараклари(бассейн, катта теннис ва ҳ.)га ёзилиш борасидаги ташаббуслари Департамент раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Департамент ташкил этилганлигига эндигина бир йилдан ошган бўлсада, унинг ажралмас қисми бўлиб улгурган ёшлар бугунги кунда эртанги кун режаларини тузишмоқда. Ҳаётда ўз ўрнини топиш, малакали мутахассис бўлиб етишиш, мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш  уларнинг ҳар бирининг эзгу мақсади десак, муболаға бўлмас.