СИФАТСИЗ КЎМИР САВДОСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Департамент мутахассислари юртимизнинг барча ҳудудларида сифатсиз ва стандарт талабларига номувофиқ бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва аҳолига сотилишининг олдини олиш бўйича ўрганишлар олиб боришмоқда.

Яқинда Департаментнинг Навоий вилояти мутахассислари куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш бўйича махсус ишчи гуруҳ  таркибида “Ўзбеккўмир” АЖнинг Кармана кўмир омборида кўмир брикетлари ишлаб чиқарилиши ва сақланиши билан танишишди. Бу ҳақда вилоят “Дўстлик байроғи” газетаси хабар қилмоқда.

Ўрганишлар давомида омбордаги кўмирнинг қарийб 60 фоизи эзилганлиги ва очиқ ҳолатда сақланаётганлиги, ишлаб чиқарилаётган брикетлар   OZ DST2994:2015 давлат стандарти талабларига номувофиқ эканлиги маълум бўлди.

Ўрганишлар якунида стандарт талабига жавоб бермайдиган маҳсулот сотувдан олдирилди.

Департамент мутахассислари шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат  қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария- эпидемиология назорати   бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси  Савдо-саноат палатаси вакилларидан   тузилган ишчи гуруҳи таркибида Тошкент шаҳри (4 та) ҳамда Тошкент вилояти (битта)да жойлашган металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналарда ўтказилган ўрганишларда иштирок этишди.

Ўрганишлар давомида ушбу корхоналарнинг барчасида синов лабораториялари бўлмаганлиги ҳолида, ваколатли лаборатория билан ҳам сифат синовлари ўтказиш тўғрисида шартнома ҳам тузилмаганлиги, маҳсулот тўпига сифат гувоҳномалари расмийлаштирилмаганлиги аниқланди.

Ўрганишлар якунида ушбу корхоналарга аниқланган номувофиқликларни бартараф қилиш юзасидан расмий кўрсатмалар берилди.

 Худди шундай ишчи гуруҳи Навоий вилоятида ҳам ташкил этилиб,   метал ишлаб чиқариш корхоналари, қурилиш ташкилотлари ва металсавдо дўконларида мавжуд ҳолат билан танишишди. Ушбу обектларда арматура маҳсулотларини сифатини текшириш учун намуналар олиниб, синов лабораториясига топширилди.