ЗАМОНАВИЙ СТАНДАРТЛАР – ЭКСПОРТБОП МАҲСУЛОТЛАР ГАРОВИ

Мамлакатимиз иқтисодиётини ислоҳ қилиш, унинг рақобатбардош бўлиши, жаҳон меҳнат тақсимотида ўзига хос ўрин эгаллашини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар жадал амалга оширилмоқда. Ушбу  ҳаракатлар албатта энг биринчи галда норматив ҳужжатларни янгилашни, уларнинг бозор талабларига мувофиқ товар ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилганлиги билан тавсифланади.

Департамент мутахассислари ҳам амалдаги  стандартларни ушбу талаблардан келиб чиққан ҳолда мунтазам равишда таҳлилдан ўтказиб боришмоқда. Ўтаётган йил давомида мутахассисларимиз томонидан амалда бўлган, бироқ маънан эскирган 230 дан ортиқ стандартларни бекор қилиш ёки мамлакатимиз экспорт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, замонавий фан-техника  ва бозор   талабларига мувофиқ бўлган қарийб 300 та давлатлараро стандартларни амалга киритиш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди ва амалга оширилди. Қабул қилинган янги норматив ҳужжатлар иқтисодиётимизнинг 20 дан кўпроқ тармоқларига тегишли бўлиб, улар жорий қилинганда жаҳон бозори талабларига мувофиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли 14 та стандартлар эскирганлиги сабабли бекор қилиниб, уларнинг ўрнига 20 та янги стандартлар, металлургия саноатида 6 та стандарт  ўрнига 15 та, қурилиш ва қурилиш материаллари саноатида 60 та эски стандарт ўрнига 88 та замонавий, халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган норматив ҳужжатлар амалга киритилди.  Норматив ҳужжатларни мунтазам таҳлил қилиб бориш ва замон талабларидан ортда қолганларини янгилашга қаратилган саьи-ҳаракатлар фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолади.