ПРОФИЛАКТИКА НАТИЖАЛАРИ НАМОЁН БЎЛМОҚДА

“Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Департамент мутахассислари қарийб икки йилдан буён корхоналарда бўлишиб, замонавий стандартларнинг жорий қилиниши ва уларга риоя этилишининг нақадар муҳимлиги, ишлаб чиқарилган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардош бўлишида, энг муҳими сифат кўрсаткичларининг таъминланишида мувофиқлик сертификати мавжудлиги ва ўлчов ускуналарининг тўғри ишлаши кафолатланиши корхона ривожланишининг асосий тамал тоши бўлиши тўғрисида тушунтириш ишларини изчил олиб боришмоқда. Бунда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, асосий эьтибор ўрганишларда аниқланган камчилик ва нуқсонлар натижаси бўйича корхонага нисбатан жарима ва қонунчиликда белгиланган бошқа чораларни қўллаш эмас, балки уларда замонавий норматив ҳужжатларни қўллаш, уларга риоя қилиш маданиятини шакллантиришдан иборат бўлмоқда. Мутахассисларимиз корхоналарда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, соҳага доир замонавий талабларни биргаликда ўрганиш ҳамда янги ва халқаро талабларга жавоб берадиган норматив ҳужжатларни жорий этишда  бевосита иштирок этишмоқда.

Айтиш мумкинки, Департамент мутахассисларининг бу йўсиндаги фаолияти ўз натижаларини беришни бошлади. Сўнгги ойлар давомида ўтказилган профилактика тадбирларида нафақат мавжуд стандартларни жорий қилиш, балки жаҳон бозори талабларига мувофиқ бўлган янги стандартларни ишлаб чиқариш лозимлиги тўғрисида таклифлар ҳам туғилмоқда.

Масалан тадбиркорлар билан биргаликда ўтказилган соҳага доир замонавий талаб ва эҳтиёжларни ўрганиш ва тадқиқотлар натижасида  Андижон вилоятида 5 та, Бухоро вилоятида 4 та, Жиззах вилоятида 11 та, Қашқадарё вилоятида 9 та, Наманган вилоятида 5 та, Самарқанд вилоятида 14 та  ва бошқа ҳудудларда 21 та янги норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиши зарурати аниқланди ва тегишли вазирлик ва техник қўмиталарга мурожаат хатлари юборилди.

Профилактика ва тадбиркорларнинг эҳтиёжларини ўрганиш, уларга соҳага доир масалаларда бевосита кўмак бериш ишлари давом этмоқда.