ЁҒ-МОЙ МАҲСУЛОТЛАРИГА ЯНГИ ТАЛАБЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 ноябрдаги 724-сонли қарори  билан «Ёғ-мой маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламенти янги таҳрирда тасдиқланди.

Ушбу умумий техник регламентда ёғ-мой маҳсулотлари хавфсизлигига нисбатан қўйиладиган талаблар, шу жумладан, санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативлар, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қадоқлаш, тамғалаш, сақлаш, ташиш, қайтариб олиш ва утилизация қилиш (қайта ишлаш), муомалага чиқариш, сотиш, намуна олиш, идентификация қилиш ва мувофиқлигини баҳолаш ҳамда синовдан ўтказиш бўйича талаблар кўрсатиб ўтилган.

Ушбу техник регламент Божхона Иттифоқи техник регламенти асосида таҳлил қилиниб, Озуқавий ёғ-мой маҳсулотларида ёғ кислоталари трансизомерларининг рухсат этилган миқдори Маҳсулотдаги ёғ миқдорига нисбатан кўпи билан 2 фоиз белгиланган.

Техник регламентнинг 1-иловасида техник жиҳатдан тартибга солиш объектлари келтирилган.

Регламент талаблари саноат усулида ишлаб чиқарилмаган, шунингдек озуқавий бўлмаган ёғ-мой маҳсулотларига татбиқ этилмайди, табиий хом глицерин ва хўжалик совуни бундан мустасно.

 “Ёғ-мой маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент 2021 йил 17 февралдан кучга киради.