Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 октябрдаги 861-сонли қарори билан “Идишда қадоқланган ичимлик сувининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент тасдиқланган эди.
Қарорда техник регламентнинг амалга киритилиши расмий эълон қилинган кундан 18 ой ўтгандан кейинга белгиланган.
Ушбу техник регламент талаблари халқаро стандартлар ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи техник регламентига уйғунлаштирилганлиги билан аҳамиятга моликдир.
Техник регламентда ичимлик суви хавфсизлигини таъминлаш борасида талаблар, шу жумладан санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативлар, ишлаб чиқариш, қадоқлаш, тамғалаш, сақлаш, ташиш ва утилизация қилиш (қайта ишлаш), муомалага чиқариш, сотиш, намуна олиш, идентификация қилиш, синовдан ўтказиш ва мувофиқлигини баҳолаш бўйича талаблар ҳамда техник регламентга риоя этилиши устидан давлат назоратини ўтказиш тартиби белгиланган.
Техник регламент қуйидагиларга тадбиқ этилади:
— табиий минерал сув (ичимлик табиий минерал суви, шифобахш табиий минерал сув, табиий газланган минерал сув);
— қайта ишланган ичимлик суви;
— табиий ичимлик суви;
— болалар озуқаси учун сув.
“Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари янги техник регламентга риоя этилиши устидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга оширадилар.