ТАЪСИР ЧОРАЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛДИ

Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида,  ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сертификатлаштириш аризаларини “Ягона дарча” (singlewindow) ахборот тизими орқали топшириш тизими йўлга қўйилган. Яқинда  Департаментнинг  Сертификатлаштириш қоидаларига риоя қилиниши устидан давлат назорати бўлими мутахассислари мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан ушбу аризаларнинг кўриб чиқилишини  ўрганишди.

                   Ўрганишларда аксарият мувофиқликни баҳолаш органларида амалга киритилган ушбу амалиётни тўғри тушунишиб, тадбиркорлардан тушган аризалар белгиланган муддатларда кўриб чиқилаётганлиги, зарур ҳолларда уларга аниқланган жузъий нуқсонларни бартараф этиш юзасидан муайян кўмак кўрсатилаётганлиги маълум бўлди.

                   Бироқ шу билан бирга баъзии  мувофиқликни баҳолаш органларида аризалар белгиланган муддатларда кўрилмаганлиги, сансалорлик ва масъулиятсизлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

                   Жумладан, “UEMSSOM” МЧЖ, “FAYZ MEBEL STANDART” МЧЖ ҳамда “Dori vositalari, tibbiy buyumlar va tibbiy texnika ekspertizasi va standartlashtirish Davlat Markazi” ДУК  сертификатлаштириш идоралари фаолиятида “Маҳсулотларни сертификатлаштириш қоидалари”нинг 17 ва 22 бандлари талабларига зид ҳолда тадбиркорлик субъектларидан тушган аризаларни кўриб чиқиш ва сертификатлаштириш амалиётларини ўтказиш муддатларига риоя қилинмаган.

                   Натижада ушбу идораларнинг беш нафар масъул раҳбарларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда суд орқали таъсир чоралари қўлланилди.