Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида, «Ўзстандарт» агентлигига жойларга чиқиб, газобетон ишлаб чиқарувчиларга тегишли соҳаларда кўмаклашиш топширилган эди.
Маълумки Газобетон – ғовак (тешик-тешик) бетоннинг бир тури бўлиб, замонавий қурилиш материали. Уни баъзан “сунъий тош” деб ҳам аташади. Оддий бетондан фарқи – таркибида 1-3 миллиметрли пуфаклар мавжуд бўлиб, улар туфайли бетон енгил, етарли даражада мустаҳкам ҳамда иссиқ ва совуқдан яхши ҳимоялаш хусусиятларига эга бўлади. Шунингдек, табиий газ 8 марта кам сарфланиши боис энергия тежамкорлиги ва энг асосийси, пишиқ ғишт каби унумдор тупроқни ишлатмаслиги унинг афзаллигини белгилайди. Бундан ташқари газобетолн анчайин енгил, бир куб метр ғишт 1800-2000 кг вазнга эга бўлса, шу ҳажмдаги газобетон оғирлиги атиги 500-700 кгни ташкил қилади.
Шу боис улкан қурилиш майдонига айланган мамлакатимизда янги замонавий қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Европа мамлакатларида газобетон 50 йилдан ортиқ вақт давомда қурилиш материали сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Ўтган ҳафта давомида Департамент мутахассислари 35 та газобетон ишлаб чиқарувчи корхоналарда бўлишиб, ўрганишлар ўтказишди. Бугунги кунда ушбу корхоналарнинг 11 тасида ишлаб чиқариш бошланган бўлиб, қолган 24 тасида қурилиш ва ускуналарни ўрнатиш жараёнлари давом этмоқда. Ишга тушган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати бугунги кунда 1 327 000 м3 ни ташкил қилмоқда.
Мутахассисларимиз ушбу корхоналар мутасаддилари билан биргаликда стандартларни жорий қилиш, тайёр маҳсулотни сертификатлаштириш ва маҳсулот синовларини ташкил қилиш ва бошқа тегишли масалаларни муҳокама қилишди ва ижроси бўйича муайян муддатларни келишиб олишди.
