ХОРАЗМДА “МАҲАЛЛАБАЙ” ИШЛАШ МАВЗУСИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

Юртбошимизнинг 2020 йил декабр ойида Хоразм вилоятига ташрифида берган топшириғи ижроси юзасидан Президент админстрацияси ва Хоразм вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Хоразм вилояти сектор раҳбарлари ва масъуллари учун “Маҳаллабай” ишлаш тизимини самарали ташкил этишнинг мазмун-моҳияти” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Семинар-тренингда Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов,  Давлат бошқарув академияси кафедра мудири ҳамда Урганч ҳудудий филиали директори ва бошқалар сўзга чиқишиб, жорий этилаётган 3 бўғинли “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг мазмун-моҳияти, “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойилининг жорий этилиши, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини ишлаб чиқиш жараёнидаги асосий вазифалар, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, сервис ва хизмат кўрсатиш борасида тадбиркорлик кооперацияларини йўлга қўйиш, аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиш йўналишларини ривожлантириш, мавжуд бино ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш ва кичик саноат зоналарида янги лойиҳалар бўйича маслаҳатлар бериш, маҳаллаларда драйвер соҳаларни белгилаш, субсидия ва компенсация механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда фуқароларни тадбиркорликка йўналтириш ҳамда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ларини шакллантириш, юритиш, ва бошқалар тўғрисида батафсил маълумотларни бериб ўтдилар. Семинар-тренингда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, ташкилот раҳбарлари, шунингдек “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Департаментнинг вилоятдаги вакили ҳам  иштирок этди.

Семинар якунида мавзуга оид савол ва таклифлар эшитилиб, мутахассислар томонидан атрофлича жавоб ва тавсиялар  берилди. Семинар баҳс ва мунозаралар асосида қизикарли тарзда якунланди.