“КОРХОНАБАЙ” ИШЛАШ БИРГАЛИКДА АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Сирдарё вилоятининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Жорий йил учун вилоятда 737 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг умумий қиймати 25 триллион 500 миллиард сўм бўлиб, шундан қарийб 900 миллион долларини хорижий инвестициялар ташкил этади.  Лойиҳалар натижасида йилига 11 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати, қарийб 36 минг иш ўрни яратиш мақсад қилинган. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, янги корхоналар 326 миллион долларга экспорт қилиш, 124 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Лойиҳаларни шакллантиришда тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати “драйвер” сифатида белгилаб олинган.

“Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Департамент, “UzTest” ДУК Сирдарё филиали ва “ЎзММИ” Сирдарё филиали мутахассислари соҳага доир муаммоларни жойида, биргаликда ҳал этиш мақсадида ушбу лойиҳаларга киритилган корхоналарда учрашувлар ташкил этишмоқда.

Навбатдаги учрашувлар Сирдарё туманидаги фармацевтика, тиббиёт ва озиқ-овқат соҳалари учун замонавий шиша идишлар ишлаб чиқариш мўлжалланаётган “SIRDARYO GLASS” МЧЖ ва полипропилен қоплар тайёрлашга ихтисослашган “SIRDARYO MEGA LUKS” МЧЖ ҚКда ўтказилди. Учрашувда ушбу корхоналар мутахассислари билан халқаро стандартларни ўзлаштириш, маҳсулотларни сертификатлаштириш, сифатни бошқариш тизимларини жорий қилиш ва ўлчов воситаларини қиёслаш кўригидан ўтказиш йўналишларида батафсил тушунчалар берилди ва биргаликда амалга ошириладиган муайян ишлар белгилаб олинди.