Навоийда Халқаро метрология куни кенг нишонланди

Маълумки, халқаро метрология куни 1875 йил 20 май куни 17 давлат дипломатик вакиллари қабул қилган Метрологик конвенция билан боғлиқ. Ушбу конвенцияга мувофиқ, фан-техника, савдо-сотиқнинг янада ривожланишини таъминлаш мақсадида асосий ўлчов бирликларини жаҳон бўйича ягона бирликларда ҳисобланишига келишиб олинади. ХХ аср адоғига келиб, яъни 1999 йилда Халқаро ўлчов ва тарозилар қўмитаси томонидан ушбу конвенциянинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссасини ҳисобга олиб ушбу сана – 20 май куни халқаро метрология куни деб эълон қилинди ва бутунжаҳон жамоатчилиги томонида кенг нишонланиб келинмоқда.  Бу кунда соҳага доир долзарб мавзуларда илмий-амалий анжуманлар, конференциялар, семинарлар ўтказилади, вазифалар белгиланади. Шу билан бирга ҳар йили метрологлар йилнинг энг долзарб мавзусини танлаб, шиор этиб белгилашади.    Жорий йилнинг шиори эса “Ўлчовлар саломатлик учун”, деб қабул қилинган.

“Ўзстандарт” агентлиги Навоий вилояти ҳудудий ташкилотлари биноси бу кунда жуда гавжум бўлди. Бу ерга вилоятдаги корхоналар метрологлари таклиф этилиб, ўқув семинари ўтказилди. Соҳадаги тажрибали мутахассислар табрикланиб, ҳурмат бажо келтирилди. 

Йиғилишда шунингдек Бутунжаҳон метрологларининг бу йилдаги шиори “Ўлчовлар саломатлик учун” деб қабул қилинганлиги ҳисобга олиниб, тиббиёт муассасаларидаги ускуналарни метрологик қиёслов кўригидан ўтказишнинг аҳамияти, бу соҳада ўлчовлар ноаниқлиги оқибати аянчли бўлиши мумкинлиги таъкидланди.  

Мутахассислар шунингдек Навоий кончилик институтининг метрология йўналишидаги талабалари билан ҳам учрашиб, метрологиянинг жамият ва иқтисодиётда тутган ўрни ҳақида мулоқот қилишди.

Навоийда Бутунжаҳон метрология куни тадбирлари вилоят МТRKда ташкил этилган жонли эфирдаги “Ассалом янги кун” телекўрсатуви билан якунланди.

Шунингдек, агентлик ҳудудий ташкилотлари ва вилоятдаги илғор корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлиги    самараларига бағишлаб медиа-тур ўтказилди. Унда ОАВ вакиллари Хатирчи туманида жойлашган “ASYA SERA NAVOIY” қўшма корхонасига тегишли иссиқхона ва “XATIRCHI TEXTILE” МЧЖда бўлишиб, замонавий иш тажрибалари билан танишишди.