Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–6240-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига (кейинги ўринларда – Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги) қуйидаги қўшимча ваколатлар берилсин:

мутасадди идоралар томонидан халқаро стандартлар ва техник регламентларнинг жадал жорий этилишини мувофиқлаштириб бориш;

маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларни бузганликда айбдор бўлган тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), сотувчилар ва ижрочиларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш бўйича судга мурожаат қилиш;

корхоналарда техник регламент ва стандартлар талабларига риоя этмаганлик учун корхона ва тармоқ раҳбарларига тақдимномалар киритиш;

техник регламентлар, стандартлар ва қонунчиликда белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ва реестрини юритиш.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Ҳудудларда саноат тармоқлари кесимида 2021-2022 йилларда ташкил этиладиган синов лабораториялари манзилли рўйхати 3-иловага мувофиқ;

Тармоқлар ва маҳаллий корхоналарда стандартлаштириш, маҳсулот сифатини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ва ҳисоботларни эшитиб бориш схемаси 4.1 ва 4.2-иловаларга мувофиқ;

Тармоқлар ва саноат корхоналарида 2021-2022 йилларда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва метрология соҳаларида фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш режа-жадвали 5-иловага мувофиқ;

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация ва метрология соҳасини ривожлантиришнинг асосий индикаторлари рўйхати 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Саноат тармоқлари раҳбарлари мазкур қарорнинг 3 ва 4.1-иловаларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилиши юзасидан ҳисоботларни ҳар ойда Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда – Ҳукумат комиссияси) киритиб борсин.

Ҳукумат комиссияси мазкур қарорнинг 6-иловасида келтирилган техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация ва метрология соҳасини ривожлантиришнинг асосий индикаторлари рўйхати бўйича ҳар йиллик кўрсаткичларни тасдиқласин ва ижроси юзасидан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳисоботини эшитиб борсин.

4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирига:

зарур ҳолларда, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ва унинг тизимидаги бошқа ташкилотларнинг тузилмасига бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;

зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча штат бирликларини ажратиш;

меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, тор доирадаги мутахассисларни шартнома асосида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига ишга жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

5. Белгилансинки:

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги “Ўзстандарт” агентлигининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитларига кўра Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади;

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори Вазирлар Маҳкамаси томонидан инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг тақдимномасига асосан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори ўринбосарлари ҳамда унинг таркибидаги тизим ташкилотлари раҳбарлари агентлик бош директори тақдимномасига асосан инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори мақоми‚ меҳнатга ҳақ тўлаш‚ моддий рағбатлантириш‚ тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади;

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимига ўриндошлик асосида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ходимини тайинлашга рухсат этилади;

техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги учун молиявий ва маъмурий жарималар Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг махсус жамғармасига тўлиқ ўтказилади ва ушбу маблағларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган қисми маҳаллий корхоналар томонидан халқаро стандартларни харид қилиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун йўналтирилади.

6. Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш фаолиятига халқаро тажрибага асосланган ҳолда ихтиёрий тус бериш ва тартиботини соддалаштириш мақсадида:

аккредитациядан ўтишга буюртма беришда синов лабораторияларининг аккредитация соҳасига ташқи кўрик тавсифларини (инструментал ва органолептик таҳлиллардан ташқари) киритиши талаби бекор қилинади;

мувофиқликни баҳолаш органлари ходимларини сифат бўйича эксперт-аудиторликка аттестациядан ўтказиш ва сертификатлаштириш мажбурий талаблари бекор қилинади;

қонунчилик ҳужжатларида мувофиқликни баҳолаш хизматларини кўрсатиш учун ягона идораларни белгилашга (мудофаа ва давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларидан ташқари) йўл қўйилмайди.

7. Қуйидагиларга:

Стандартлар институтига халқаро стандартлаштириш ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг стандартлаштириш идораларининг қоидалари ва шартномаларига мувофиқ, халқаро ва хорижий давлатлар стандартларини республикада тарқатишга ва ушбу ташкилотларга бадалларни тўлаб беришга;

Стандартлар институти ва Миллий метрология институтига илмий-техник лойиҳалар раҳбарлигига илмий даражага эга ходимларни (фан номзодлари, фалсафа докторлари (PhD), фан докторлари (DSc) фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этишга рухсат берилсин.

8. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация ва метрология соҳасида фаолият юритувчи ходимларга ойлик иш ҳақи тўланишида, тегишли йўналиш бўйича 7-иловада келтирилган халқаро ва хорижий ташкилотларнинг билим даражасини тасдиқловчи сертификатига эга бўлганда унинг амал қилиши даврида, бироқ 2 йилдан кўп бўлмаган муддат давомида, ойлик маошига нисбатан – 20 фоиз, эксперт сифатида рўйхатга олинганда ойлик маошига нисбатан – 40 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган эталонлар рўйхати 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Молия вазирлиги Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда мазкур қарорнинг 8-иловасида қайд этилган йилларда эталонлар ва юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини харид қилиш учун зарур бўлган маблағларни назарда тутсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар стандартларнинг ялпи ички маҳсулот ўсишига ва ташқи савдо айланмасига ижобий таъсирини баҳолаш бўйича услубий қўлланмани хорижий экспертларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқсин.

11. Ўзбекистон Республикасининг йиллик инвестиция дастурларини шакллантиришда, республикада синов имкониятлари мавжуд бўлмаган йўналишлар бўйича, ўзлаштирилаётган янги маҳсулотларнинг халқаро талабларга мувофиқлигини тасдиқлашни таъминлайдиган синов лабораторияларини ташкил этишни инвестиция лойиҳалари доирасида ёки алоҳида лойиҳа сифатида инобатга олиш амалиёти жорий этилсин.

12. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги:

а) 2021 йил 1 августга қадар стандартлаштириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни халқаро стандартлар билан янгилашни тўлиқ якунласин. Бунда, ишлаб чиқариш корхоналарига 2023 йил 1 январга қадар янги стандартларга ўтиш муддати белгилансин ва амалдаги стандартлардан фойдаланишга рухсат берилсин;

б) 2021 йил 1 ноябрга қадар инсон омилини камайтириш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматларни ахборот-коммуникация технологиялари орқали тўлиқ автоматлаштириш чораларини кўрсин;

в) хорижий давлатларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида фаолият олиб борувчи етакчи ташкилотларида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизим ташкилотлари мутахассисларини ўқитиш ва малакасини ошириб бориш бўйича самарали тизимни жорий этсин;

г) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги ва Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти тўғрисидаги низом лойиҳаларини;

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги амалдаги қонунлари нормаларини ўз ичига олувчи янги “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини, шунингдек, янги таҳрирдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини киритсин;

д) саноат тармоқларида ташкил этиладиган лабораторияларни халқаро аккредитациядан ўтказишга кўмаклашсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 9-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

14. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 2 июнь