Нашрлар

“Стандарт талабларига риоя қилиш-рақобатбардошлик гарови”

Одатда биз стандарт деган сўзни кўп ишлатамиз. Ёки матбуотда, турли-туман реклама унсурларида “жаҳон стандартларига мувофиқ” жумлаларига кўзимиз тушади ёки қулоғимизга чалинади. Хўш, стандарт ўзи нима? У нимани англатади? Стандарт сўзи инглизча “Standart” сўзидан олинган бўлиб, меъёр, ўлчам, андоза деган маъноларни билдиради ва одатда норма, норматив, меъёрий ҳужжат номлари билан ҳам юритилади. Расмий таърифи эса қуйидагича: стандарт – бу кўпчилик манфаатдор томонлар келишуви асосида ишлаб чиқилган ва маълум соҳаларда энг мақбул даражали тартиблаштиришга йўналтирилган ҳамда фаолиятнинг ҳар бир турига ёки натижаларига тегишли бўлган умумий ва такрор қўлланиладиган қоидалар, умумий қонун – қоидалар, тавсифлар, талаблар ва усуллар белгиланган ва ваколатли идора томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатдир.

Тушунарлими? Унчаликмас, тўғрими, ўзи керакми бизга шу таърифи ҳам, қоидалари ҳам тушунарсиз бўлган меъёрий ҳужжат?! Келинг, ушбу таърифни оддий тилда мушоҳада қилиб кўрайлик. Бунинг учун дастлаб қадим ўтган замон, ибтидоий жамоа тузумида умргузаронлик қилган аждодларимиз ҳаётига бир назар ташлайлик.

 Асосан табиат неъматларини йиғиб-териб ва овчилик билан кун кўрган кишилар ҳаёти жуда оғир кечган. Айтайлик овчилик қилиш учун дастлаб йиртқич ҳайвонни тош отиб тутмоқчи бўлган кишиларнинг қанчаси ўша йиртқичнинг қурбони бўлишган. Ушбу тенгсиз жангдан келиб чиқадиган дастлабки хулоса — йиртқичга ем бўлмаслик учун масофа сақланиши кераклиги, уни инсон ирғитиши мумкин бўлган оддий тош билан енгиб бўлмаслиги ибтидоий одамни йиртқични мавф қилишнинг бошқа йўлларини қидиришга мажбур қилган. Шу тариқа фикрлаш асносида найза ва камон кашф қилинган. Найза ва  камон ясаладиган материаллар пишиқлиги, узунлиги, ўткирлиги ва албатта уларни кўплаб миқдорда ишлаб чиқариш зарурияти уларга маълум талабларнинг шаклланишига туртки бўлган. Ушбу талабларни эса, ўз замонининг дастлабки стандартлари дейишимиз мумкин. Йиллар, асрлар ўтиши жараёнида фан-техника ривожланиб, ишлаб чиқариш кўпайиб, рақобат пайдо бўлди. Инсон соғлиги ва ҳаётига, атроф-муҳитга хавфли бўлган ишлаб чиқариш ва маҳсулотлар пайдо бўла бошлади. Ва шу аснода стандартларни давлат миқёсида тартиблаш, уларга риоя қилинишини назорат қилиш, маҳсулотларнинг маълум стандартларга мувофиқлигини кафолатлаш(сертификатлаштириш)га, инсон соғлиги, ҳаёти ва атроф-муҳитни ҳимоялашга эҳтиёж туғилди. Демак стандартлар фан, техника ва тажрибаларнинг умумлаштирилган натижаларига асосланиши ва жамият учун фойда келтиришга йўналтирилган бўлиши керак. 

Мамлакатимизда ҳам ушбу муносабатларни тартиблаш учун стандартлаштириш тизими яратилган. Бу тизим янги буюмга дастлаб лойиҳа – конструкторлик ҳужжатларини яратиш, маҳсулотларни белгиланган сифат кўрсаткичларига асосан тайёрлаш ва зарур бўлганда уни ишлаб чиқаришни тўхтатиш шартларини белгилайди.

Стандартлаштириш шунингдек, маҳсулот муомалада бўлганида, яъни уни ишлаб чиқариш, ўров идишига жойлаш, юклаб ташиш, омборларда  сифатли сақлаш ва сотиш босқичларида мақбул тартиб ва шароитлар яратиш талабларини ҳам ўз ичига олади.

Стандарт оддий тил билан айтганда, ишлаб чиқарувчи(хизмат кўрсатувчи)га мижоз эҳтиёжини қондириш ва рақобатчиларига муносиб жавоб бериш учун қўйилган қатъий тартибланган талаблардан иборат.

 Биз, мижоз сифатида дўкондан нимаики, харид қилар эканмиз, албатта ушбу маҳсулотнинг стандарт талабларига мувофиқлиги, яъни мувофиқлик сертификати мавжудлиги билан қизиқишимиз зарур. Бу билан биз ўз маблағимиз, асаб ва вақтимизни тежаш билан бирга, маълум маънода жамоатчилик назоратини ҳам амалга оширган бўламиз. Биз харидор(истеъмолчи) сифатида ўз талабимиз билан хизмат кўрсатувчи корхонани ҳам ишлаб чиқарувчидан сифатли, стандарт талабларига мувофиқ маҳсулот олишга ундаймиз.

Шу боис кўплаб ўзини ҳурмат қилувчи, бозорда танилган корхоналар ўз савдо белгилари – бренд(логотип)ларини ишлаб чиқишади ва қадрлашади.  

Энди шу ўринда хизмат кўрсатиш стандартларига ҳам тўхталиб ўтсак. Бизнинг билганимиз фақат шуки, улар(хизмат кўрсатувчилар) мижоз билан хушмуомалада бўлишлари керак. Ҳозирда кўплаб хизмат кўрсатиш корхоналари мижозларни жалб қилиш, рақобатга бардош бериш мақсадида ходимлари учун хулқ-атвор стандартларини ишлаб чиқишмоқда.

Кўпчиликка маълум, бирор янги дўкон, ресторан ёки кафе очилганда ходимлари жуда хушмуомала, одобли, хизматлари ҳам шунга яраша бўлади, вақт ўтиши билан эса “кўп қатори”га айланишади. Одатда уларнинг аксариятида ходимлар қўнимсизлиги  ҳам жуда юқори бўлади. Шу боис юқорида таъкидлаганимдек, мижозларни сақлаб қолиш учун хулқ-атвор стандартлари расм бўлмоқда. Ходимлар мижоз билан муомалада кутилмаган вазиятга тушиб қолмаслиги учун, ушбу вазиятлар, намунавий иш тажрибалари ўрганилади, умумлаштирилади, мижозни хафа қилмаслик, шу билан бирга корхона манфаатларига зарар етказмаслик кўникмалари  ушбу стандартларда батафсил ёзилади ва ходимларда шакллантирилади. Бунинг учун эса, яъни кўникма ҳосил қилиш учун кўплаб машқ қилиш керак бўлади. Ҳозирда юртимиздаги йирик дўконларда ушбу масалаларга ҳам эътибор берилмоқда. Тўғри, уларда нарх-наво бироз юқори бўлиши мумкин, бироқ маҳсулот ва хизмат сифати кафолати кўпчилик харидорларни улар билан ҳамкорлик қилишга ундайди.