Техник жиҳатдан тартибга олиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4059-сон қарори билан ташкил этилган бўлиб унга қуйидаги вазифалар юклатилган:
а) техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида қонун ҳужжатлари бузилиши олдини олиш ва профилактикасини амалга ошириш;
б) техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология масалалари бўйича тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмаклашиш;
в) техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларига, ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини ва ўлчашларнинг тўғрилигини таъминлаш, мажбурий сертификатлаштириш қоидаларига риоя этиш юзасидан давлат назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш;
г) техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш юзасидан комлекс чора-тадбирларни амалга ошириш ва уларни келтириб чиқаришга асос бўлувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш.
Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига ва бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига ва фармойишларига шунингдек, ўз Низоми ва “Ўзстандарт” агентлиги топшириқлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.