ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНГА САФАР МАЗМУНЛИ ЎТДИ

Аввал хабар қилганимиздек, Департамент мутахассислари ҳудудларда ташкил этилаётган саноат кластерларида бўлишиб, соҳага тегишли масалаларда тадбиркорларга бевосита жойида кўмак беришмоқда. Ўтган ҳафта адоғида ҳам бир гуруҳ мутахассисларимиз Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ва Бўзатов туманларида ташкил этилаётган саноат кластерлари занжирига кирувчи корхоналар вакиллари билан учрашиб, семинар ўтказишди. Семинарда корхоналарга тегишли стандарт ва техник регламентлар тарқатилиши билан бирга, уларни жорий қилиш, сифат ва рақобатбардошлиликни таъминлаш, бу жараёнда синов ва сертификатлаштириш амалиётларини ташкил қилиш ва ниҳоят тайёр маҳсулотни экспортга йўналтириш масалаларда зарур тушунчалар берилди.    Эркин мулоқот тарзида ташкил этилган тадбир қизғин муҳокамалар билан ўтди.

Семинардан кейин мутахассислар Мўйноқ туманидаги «Муйнақ аква саноат» ва Бўзатов туманидаги «Бозтех» корхоналарида бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, тайёр маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини таъминлаш юзасидан фикр алмашишди. 

Мутахассисларимиз шунингдек, Бўзатов  туман ёшлар марказида  ташкил этилган учрашувда ҳам иштирок этишиб, ёшларга стандартлаштириш ва бошқа турдош соҳаларнинг иқтисодиётда тутган ўрни ва истиқболлари тўғрисида  оддий тилда ва мароқли сўзлаб беришиб, ёшларни ушбу соҳани чуқур ўрганишга, яхши мутахассис бўлиб етишиб, мамлакат ривожига ҳисса қўшишга даъват қилишди.